“Адолат” СДП: Лукойл амалдорининг ҳаракатлари қонунчилик меъёрларига зид

“Адолат” СДП: Лукойл амалдорининг ҳаракатлари қонунчилик меъёрларига зид

Аввалроқ, “LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY” масъулияти чекланган жамияти амалдори – бош энергетик Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП бу ҳолатга партиянинг муносабатини билдирди.

Расмий хабарда, партия Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддасига* мувофиқ, LUKOIL амалдорининг ҳаракатларини қонунчилик меъёрларига зид деб ҳисоблайди ва жамият раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритиб, қонун устуворлигини таъминлашни сўраб қолади, дейилади.

Видеотасвирдан яққол кўриш мумкинки, раҳбар қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурматсизлик билдирган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси видеотасвирда гавдаланган ҳолат юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб бориш, хизмат ваколати доирасидан четга чиққан мансабдор шахснинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлик масаласини муҳокама қилиш, натижаси ҳақида оммага хабар бериш зарурлигини қайд этади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъул давлат органларининг муносабатини сўрайди.

Аввалроқ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, йўқолиб қолганида ҳам ушбу воқеани қаттиқ қоралаб, ўз муносабатини билдирган эди.

*Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддаси: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.