Шуҳрат Ризаев, лотин алифбоси ва 17 миллион ўзбеклар

14.08.2017 | Блог | 4238

Шу йилнинг 10 август куни «Китоб дунёси» маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газетасида адабиётшунос Шуҳрат Ризаевнинг «Президентимизга мактуб» сарлавҳаси остида Президентга мурожаати эълон қилинди. Буни «мактуб» деб аташ тўғрими ёки нотўғрилиги ҳақида ижтимоий тармоқларда алоҳида баҳс юзага келди.

Марк Твеннинг ажойиб гапи эсга тушади: «Сизга қисқа ва лўнда мактуб ёзиш учун менда вақт кам эди, шунинг учун сизга узун хат ёздим». Чунки яхши ёзувчи ҳар бир ёзадиган жумласини икки маротаба ўйлаб кўриб, камроқ сўзлардан фойдаланиб тузади. Шуҳрат Ризаев ўз мактубларида оз эмас, кўп эмас, 3,570 дона сўздан фойдаланганлар. Нақд 10 варақ. Қарсакбозлик ва маддоҳлик қилиш Президент томонидан танқид остига олиниб, «5 йил қарсак чалмаймиз» – деб турилган бир даврда, битилган мактубнинг аксар қисми айни шу буйруққа тескари боради. Хатнинг асосий қисми мустабид тизим давридек мақтов ёғдириш билан бошланади, кўрсатилган муаммоларга конструктив ечимлар келтирилмайди.

Энди ушбу хат муаллифи кўтарган масалалардан бирига қайтамиз. Шуҳрат Ризаев гарчи бошқа маданий масалалар ҳақида гапирган бўлсада, ижтимоий тармоқларда бу кишининг фақат кирилл алифбосига қайтиш ҳақидаги таклифлари муҳокама бўлди. Шуҳрат аканинг фикрларини қуйида келтириб, уларга ўзимнинг муносабатимни билдириб ўтсам. (Гарчи баъзи фикрларим такрор бўлса ҳам, яна ёзишга қарор қилдим.)

Ш.Р.: Шу билан боғлиқ яна бир ўта муҳим ва ғоят оғриқли муаммо бор. Бу — жорий алифбомиз масаласи. Бугун 25 ёшгача бўлган фарзандларимиз лотин алифбоси асосидаги ёзувда савод чиқариб, ундан фойдаланяпти. Катта ёшдаги ҳамюртларимиз эса кирилл ёзувидаги алифбода мутолаа қилади ва иш юритади. Мана, учинчи ўн йиллик тўлиб боряптики, кўпчилик ҳануз лотин ёзувига мослаша олмаётир.

Бунга асосий сабаблардан бири, сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот ва унга ўхшаганларнинг қонунчиликка лаббай деб жавоб бермагани эмасми? Шунча йил ўтиб кетди. Нима сабабдан ҳали ҳам журналингиз аралаш алифболардан фойдаланиб нашр қилинади, тўлиқ кирилл ёки тўлиқ лотинда эмас? Сиз чиқарадиган газета ва журналлар нега лотинда ўқийдиган жамоатчиликни қамраб олмаган? Номига нашр номини лотинда қилиб қўйгансизлар. Бугун лотинда савод чиқарганлар сиз мактубда келтиргандек 25 ёшгача бўлганлар эмас, балки 29-30 ёшдагиларни ҳам қамраб олади. Mundi индексига кўра, бу мамлакатимизда яшаётган 17 миллиондан ортиқ жон демакдир.

Ш.: Қолаверса, лотин алифбоси, мутахассислар фикрича, тилимиз табиатига унчалик мувофиқ эмас.

Қайси мутахассис, қачон ва қайси манбадан айтган бу гапларни? Жадидлар шу масалада лотин алифбосига ўтиб, хато қилишганми? Кирилл алифбоси бизнинг тил табиатига яқинлигини ўша «мутахассислар» аниқлашибдими?

Ш.Р.: Бинобарин, у янада такомиллаштиришни тақозо этади. Шу боис оммалашмаётган алифбодан оммавий ахборот воситалари ҳам, нашриётлар ҳам ниҳоятда кам фойдаланяпти.

Такомиллаштириш ҳақидаги фикрлар тўғри. Лекин, ОАВларнинг фойдаланмаслигига бу асос бўла олмайди.

Ш.Р.: Мактаб ва ўрта махсус ўқув юртлари кутубхоналари лотин ёзувида бўлмаган адабиётларни фондларига олмайди. Натижада – бу кутубхоналар ғарибу қашшоқ, ёшларимиз ёниб тарғиб қилинаётган китобхонлик ва мутолаа маданиятидан бир тош нарида!

Албатта, олмайди-да! Қанақасига олсин! Ахир қонунчиликда лотин деб белгилаб қўйилган бўлса. Етарли ишланмаган уларни лотин ёзувида етарли адабиётлар билан таъминлаш учун. Қолаверса, сўнги пайтда лотин ёзувида босилган китобларнинг сони кескин ўсиб бормоқда. Бу эски совет тарафдори бўлган одамдан бошқа ҳаммани қувонтирмасдан иложи йўқ.

Ш.Р.: Истиқлолимизнинг дастлабки йиллари «Ёш гвардия» ёки «Ўзбекистон ССР» номи билан нашр этилган неки китоб бўлса, у Алишер Навоийми, ё Абдулла Қодирий қаламига мансубми — фарқига бормай маҳв этганлари каби, ундан аввалроқ алифбони уч бора ўзгартириб (араб, лотин, кирилл), халқимизни саводсиз этганларидек жоҳилона иш тутишлар миллатимиз тарихи ва тақдирида хунук ва зарарли из қолдириши тайин.

Сиз нима қиляпсиз бу таклифингиз билан? Алифбони тўртинчи марта ўзгартириб, шўролар қилган ишни қилмоқчимисиз? Ёки 17 миллион Ватан келажаги бўладиган ёшлар фойдаланадиган, мустақиллигимизнинг қайсидир маънода рамзий тимсоли – лотин алифбосидан воз кечдирмоқчимисиз? 17 миллион ёшлар ва келажакни беписанд қилиш учун қанчалар худбин бўлиш керак? Келажак деб ҳисобланаётган нано-технологиялар, компютер дастурлари, халқаро белгилар битиладиган лотин ёзувини иккинчи даражага тушириб, фойдаланиш доираси ундан 11 баробар кичик ва торайиб бораётган кирилл алифбосига яна қайтиб нима наф топасиз? Тўрт девор атрофида ўтириб фикрлаш даври ўтди, бугун ёшлардан глобал даражада ўйлаш талаб қилинмоқда. Шундай экан, улар глобал ёзувдан фойдаланишлари даркор.

Ш.Р.: Биз ҳам лотиндан кирилл алифбосига ўтилган даврдан то шу кунгача саксон йиллик маданий тарихимизни фарзандларимизга кераксиз бир мулк ўлароқ қолдирмайлик. Фурсат ўтмасидан кириллни — асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштирайлик.

Саксон йилда қолдирилган асарларни тишга босадиганлари лотин ёзувига ўгириб бўлинди. Ўтказилмаганлари бўлса, сиз каби марифатпарварлар ёшлар келажаги учун ўша қолиб кетган асарларни ҳам лотин ёзувига ўгиришда ташаббускор бўлмоғингиз даркор эмасми? Ҳеч бўлмаса, сиз бонг ураётган келажак учун.

Бугунги кунда мамлакатимиз янги тарихни бошдан ўтказмоқда. Унда баъзи бир совет давридан қолган эскича қарашларга ўрин йўқ. Лаганбардорлар мум тишлаган давр. Ҳаммадан ишлаш талаб қилинмоқда. Шу сабаб, ишдан қочмасдан, қонунчилигимизда белгилаб қўйилган ёзувнинг тарғиботи учун бел боғлайлик. Уни четга суриш ярамайди, қайси ёзувда қолишни бир адабиётшунос эмас, халқ ҳал қилади.

Ҳурматли Шуҳрат ака,

Айтганча, пайти келганда кичик бир маслаҳат, мутахассислигимдан келиб чиқиб. Тарқатма материалларни инглиз тилига ўгиришда тажрибали таржимон ёллаш керак. Чунки, «Жаҳон адабиёти» журналисизлар. Ундаги хатолар журнал обрўси учун тўғри келмайди.

Нима учун лотин ёзувига ўтишимиз кераклиги ҳақида аввалги мақолам билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Фикрлари ўқилиш ва тарқалиш адади «Жаҳон адабиёти» журналидан анча кўп бўлган кишиларнинг мавзу юзасидан хатингизга муносабатини бу ерда ўқишингиз мумкин.

Ҳурмат ила Хуршид Марозиқов

тадбиркор ва блогер

fikrbank.com