Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбек тилига «ц» товуши керакми?
25.05.2019 20:57,  
1562

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги кўриниши тақдим этилди. Асосий ўзгаришлар:

- O’, g’, sh, ch ҳарфлари ягона белгидан иборат ҳарфларга ўзгартирилди: ó, ǵ, ş, ç
- «Ц» товушини ифодаловчи янги ҳарф қўшилди: c.
- «Ng» товушини ифодаловчи ҳарфий бирикма алифбодан чиқариб юборилди.

Ўзгаришларнинг аксариятини қўллаб-қувватлайман. Фақат биттаси жиддий эътирозимни уйғотди. Ўзбек тилига «ц» товуши ва уни ифодаловчи ҳарф керакми?

Биринчидан, бугунги ўзбек тилида «ц» товуши мавжуд эмас. Унинг ғойиб бўлганига камида 25 йил бўлди, ўртоқлар. 1993 йил лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси қабул қилиниши билан ўзбек тилидан «ц» товуши ва уни ифодаловчи ҳарф чиқариб ташланган. Агар кирилл ёзувида саводи чиққан авлод лотин ҳарфларида ёзилган ўзбекча матндаги «Sirk», «siklon» ва «litsey» сўзларини «цирк», «циклон», «лицей» тарзида талаффуз қилаётган бўлса, билингки, улар хато ўқияпти ва ўзбек тилида гапирмаяпти. Чунки, такрорлайман, амалдаги ўзбек алифбосида ва у орқали ифодаланадиган ўзбек тилида «ц» товуши мавжуд эмас. Мен рус тили ҳақида эмас, ўзбек тили ҳақида гапиряпман.

Иккинчидан, «ц» товушининг чиқариб ташланиши бежиз эмас. Чунки туркий тилларда «ц» товуши ва у иштирок этадиган сўзлар мавжуд эмас. Аксариятимиз рус тилини яхши билганимиз учун бу товуш ҳозир оғзимиздан мойдек силлиқ чиқиши мумкин, лекин этимологик ва фонетик жиҳатдан бу товуш тилимизга ёт. Ўзбек тилидаги «ц» иштирок этган барча сўзлар рус тили орқали кириб келган. Бундай сўзларни келган жойига қараб «s» ёки «ts» тарзида талаффуз қилиш ва ёзиш, тил қоидаларига кўра, тўғри бўлади. Зотан, ўтган 25 йил давомида таълим олган авлод шундай ўқиди ва ўрганди. Улар сони бугун жами аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этади. Нега энди кирилл ёзувига ўрганган авлодни деб ёш авлодни қурбон қилишимиз керак. Нега энди ғойиб бўлганига камида 25 йил бўлган товуш ва ҳарфни яна тирилтиришимиз керак?

Назаримда, ҳозир мақсад лотин ёзувини ўзбек тилига эмас, балки кирилл ёзувига мослашдек туйиляпти. Қонунчилик нуқтаи назаридан «ўлганига» яқинда ўттиз йил бўладиган алифбо биз учун ҳануз андоза вазифасини ўтаяпти. Аргументларнинг аксарияти янги ҳарфларни айнан кириллчага қиёслаб, унда бор нарсани янги ёзувга ҳам ўтказишга уринишга ўхшаяпти.

Мисол:

«Циркда берилган концертдан кейин мотоциклимга миниб пицца егани бордик».

Юқоридаги гапни тўғри ўқишимиз учун бизга «ц» ҳарфи керак, деяпти журналист Ибрат Сафо. Бу матнда келган «ц» ҳарфларини «s» ёки «ts» шаклида ёзсак ва ўқисак, нимаси хато? Бу ерда аслида бирорта ҳам ўзбекча сўз йўқ. Ҳаммаси рус тили орқали кириб келган ва рус тили фонетикаси асосида қабул қилинган.

Чет сўзларни рус тили орқали эмас, ўз фонетик қоидаларимиз асосида қабул қилишни қачон бошлаймиз?

Аслида кириллчани андоза қилиб олмасдан, балки ундаги хатоларни ҳам тузатишимиз керак эмасми? Масалан, кириллчада аслида я, ю, ё, е ("ye" ҳарфларини "e" билан ифодалаш) ҳарфларига ҳожат йўқ эди. Чунки буларнинг вазифасини "йа", "йу", "йо" "йэ" ҳарфий бирикмалари бажара олади. Яъни, ҳарфларни кўпайтириш шарт эмас. Лотин алифбосига ўтишимиз билан бу хато тузатилди. Шу мантиқ билан қарасак, «ц» товушини бекор қилиш янада асосли кўринади. Чунки, биринчидан, «ц»ни ифодалайдиган «ts» ҳарфларимиз бор ва иккинчидан, ўзбек тилида «ц» товуши мавжуд эмас!

Янги алифбонинг сўнгги кўринишини тақдим этган гуруҳ «ц» товуши учун «c» ҳарфи киритилганини қуйидагича асослайди:

“1) тил жонли ҳодиса сифатида мунтазам ривожланади: ўтган асрда тилимизга чет тиллар, хусусан, рус тили орқали ц ҳарфи қатнашган жуда кўп ўзлашма сўзлар кириб келди — s ҳарфи ёки ts бирикмаси эса бу товушни ҳамиша ҳам тўла акс эттирмайди;
2) халқаро табиатга эга бўлган сўзлар, хусусан, кўп илмий-тиббий атамаларда C/c (ц) ҳарфи жуда фаол иштирок этади;
3) ўзга миллат вакилларининг исм-фамилиясидаги ц товушини тўғри акс эттириш имконияти йўқлиги боис баъзан муайян ноқулайлик, чалкашликлар юзага келмоқда. Масалан: Цой — Soy, Цискаридзе — Siskaridze;
4) қадимий лотин тилига мансуб бўлган ц ҳарфли кўп сўзлар аслиятда ҳам С/с ҳарфи билан ёзилган. Масалан: цирк (circus), цемент (caementum), концерт (concerto), лицей (lyceum) ва ҳак. Ва бугун ҳам лотин алифболи кўп халқлар бу сўзларни аслиятга мувофиқ ёки яқин тарзда ёзади.
5) дунёдаги кўп халқлар алифбосига фақат ўзлашма сўзлар учун махсус ҳарфлар киритилган. Масалан, венгр алифбосида — Q, W, X ва Y ҳарфлари;
6) алифбога C/c (ц) ҳарфининг киритилиши кирилл ёзувига ўрганиб қолган катта авлод вакилларининг ҳам лотин ёзувига тезроқ мослашиб кетишига, расмий алифбомизнинг кенг қўлланилишига замин яратади.

Мабодо, C/c тарафдорларининг юқоридаги далиллари асосли деб топилса ва алифбомизга C/c (ц) ҳарфи қабул қилинса ҳам, бизнингча, рус тили қонуниятларига кўр-кўрона эргашмасдан, ўзлашма сўзларнинг этимологияси ҳамда тилимиз табиатидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос қоидани жорий қилишимиз лозим.

Эҳтимол, бу қоида шундай бўлар: «C/c ҳарфи ўзлашма сўзларда қўлланилади. У сўз бошида ёки ундош товушдан кейин келса, С/с ҳарфи каби (cirk, lekciya), унли товушдан кейин келса, тс (licey, administraciya) тарзида ўқилади». Шунда C/c ли ўзлашма сўзларни аслиятга мувофиқ ёзиб, тилимиз табиатига кўра талаффуз қиламиз”.

1, 2, 3-бандлар ҳақида тепада ёздим. Чет тиллардан кириб келган «ц» товушини айнан шундай талаффуз қилиш мажбуриятига эга эмасмиз. Чунки бу товуш тилимиз хусусиятига, фонетикасига зид. Бу далилларнинг асоссизлигини кўрсатиш учун шунинг ўзи кифоя қилиши керак. Умуман, «ц» иштирок этган барча сўзлар рус тили орқали кириб келганини ҳисобга олсак ва бу сўзларнинг аслига, яъни эътимологиясига қарасак, ҳеч бири «ц» шаклида талаффуз қилинмайди. 4-бандда келган мисолларнинг ўзи буни кўрсатиб турибди. Шундай экан, нега аслидан эмас, рус тилидан олишимиз керак?

Совет даврида ўзбек тилини рус тилига ва у орқали кириб келадиган сўзларга мослаш учун ўзбек кирилл алифбосига «ц» ҳарфи киритилганини унутмайлик. Бу нарса 100 йилча олдин рус-совет тилшунослари томонидан амалга оширилган. Демак, чет тилидан ўзлашган сўзларни қабул қилишимиз осон бўлади, деган мантиқ билан тилимизни яна рус тили фонетикасига тобеъ қилиш аслида мантиқсизликдир.

Кейинги далилларга ўтамиз.

«6) алифбога C/c (ц) ҳарфининг киритилиши кирилл ёзувига ўрганиб қолган катта авлод вакилларининг ҳам лотин ёзувига тезроқ мослашиб кетишига, расмий алифбомизнинг кенг қўлланилишига замин яратади».

Бу, юқорида ёзганимдек, катта авлодга осонлаштириш учун янги авлодни қурбон қилишдан, яна 25 йил орқага қайтишдан бошқа нарса эмас. Қайсидир тоифадаги одамлар осонроқ ўрганиши учун алифбони бузиш, шу пайтгача мавжуд бўлган хатони тузатмаслик ёки тузатилган хатони қайта жорий қилиш мантиқсизлик ва илмий жиҳатдан хато ёндашув.

“Мабодо, C/c тарафдорларининг юқоридаги далиллари асосли деб топилса ва алифбомизга C/c (ц) ҳарфи қабул қилинса ҳам, бизнингча, рус тили қонуниятларига кўр-кўрона эргашмасдан, ўзлашма сўзларнинг этимологияси ҳамда тилимиз табиатидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос қоидани жорий қилишимиз лозим.

Эҳтимол, бу қоида шундай бўлар: «C/c ҳарфи ўзлашма сўзларда қўлланилади. У сўз бошида ёки ундош товушдан кейин келса, С/с ҳарфи каби (cirk, lekciya), унли товушдан кейин келса, ts (licey, administraciya) тарзида ўқилади». Шунда C/c ли ўзлашма сўзларни аслиятга мувофиқ ёзиб, тилимиз табиатига кўра талаффуз қиламиз”.

Юқоридаги ёндашув ҳам фонетикамиз ва имломизни янада чигаллаштиришдан бошқа нарса эмас. «C» ҳарфини икки хил талаффуз қилишнинг нима кераги бор? Бунинг учун «s» ва «ts» ҳарфлари борку.

Қолаверса, «c» ҳарфи аҳоли орасида саводсизларни кўпайтиришга хизмат қилади. Чунки ёш авлод орасида «ц» товушини фарқлолмайдиганлар жуда кўп, айниқса, рус тилини билмайдиганлар орасида. Улар қуйидагига ўхшаш сўзларни хато ёзиши мумкин:

Órgatsa - órgaca;
Ketsa - keca;
Kutsa - kuca;
Işlatsa - işlaca;

Юқорида ёзганимдек, «ц» товушига эга барча сўзлар рус тилидан кириб келган. Ўзбекистонликлар эса ўз она тилида бехато ёза олиши учун рус тилини билиши мажбур бўлиб қолмаслиги керак. Демак, алифбога рус тили призмаси билан қараш хато.

Хуллас, янги ўзбек алифбосига «ц» товуши ва уни ифодаловчи янги ҳарфнинг қўшилишини нафақат тилга хиёнат, балки 25 йил орқага қайтиш деб ҳисоблайман. Бу Ўзбекистон халқига ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қимматга тушади.

Айтишларича, сўнгги хулоса Олий Мажлисга тақдим этилган. Охирги сўзни энди қонунчилар айтади. Ҳурматли депутатлардан масалага жиддий ёндашиб, юқорида тилга олинган сабабларга кўра, «ц» товуши ва ҳарфига ўзбек тили алифбосидан жой бермасликларини сўраб қоламан. «C» ҳарфини ««Ch» ўрнида ишлатиш мумкин.

Эслатма: Фикрлар муаллифники ва «Буюк келажак» экспертлар кенгаши умумий нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан